ГИЛОС (Cerasus avium L.) — раъногулдошлар (атиргуллилар оиласи)га мансуб данакли мева дарахти. Ёввойи ҳолда Ўрта ва Жан. Европа, Эрон, Кавказ, Украина, Молдовада учрайди. Европа мамлакатлари, Туркия, Эрон, Афғонистон, Хитой, Япония, Украинанинг жан., Кавказ, Болтиқбўйи ва Ўрта Осиёда экилади.
Гилос дарахтининг бўйи 10—15 м (баъзан 30 м гача боради), шохлари қалин, ёйилиб ўсади. Барги чўзиқ-тухумсимон, тўқ яшил. Гули оқ, икки жинсли, гулбанди узун. Мевасининг шакли думало қ, юраксимон, эти ширали, сирти текис. Энг эртаги данакли мева. Тарки-бида 7—15% қанд, 0,36—1,1% кислота, витаминлар, 0,2% ошловчи ва 0,7% гача пектин моддаси бор. Янгилигида истеъмол қилинади, компот, мураббо, тайёрланади. Гилос асал берадиган ўсимликлар қаторига киради. Данаги мағзида 30% гача парфюмерия саноатида ишлатиладиган мой бор.